Global Footprint Network мустақил халқаро ташкилотнинг маълум қилишича, 19 август куни ерликлар сайёрадаги барча ресурсларни сарфлаб тугатди. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
19 август куни Бутунжаҳон жамғармасининг илм-фан бўйича раҳбари Кристоф Ротюрье «Бугундан бошлаб бизнинг харажатларимиз миқдори даромадимиздан ошади. Даромад деганда инсон ҳаёти учун зарур бўлган сув, экин экиладиган ерлар, ўрмон, балиқ сингари барча Ер ресурслари тушунилади.
Бундан ташқари, даромадга Ер сайёрасининг карбонат ангидрид ва хўжалик чиқиндиларини қайта ишлаш имконияти ҳам киради. Негаки, фақатгина ўрмон ва океанлар карбонат ангидриднинг белгиланган миқдорини ютиш хусусиятига эга. Шундай қилиб, бугундан бошлаб Ерда экологик қарз ортиб боради, яъни сайёра юта олмайдиган чиқинди ва ахлат тўпланади», — деб қайд этди.
Кўп йиллардан бери инсониятнинг бир йиллик камомадлари ва сайёра имкониятларини ўрганиб, солиштириб келаётган Global Footprint Network ташкилоти жаҳон иқтисодиётининг ҳозирги ҳажми сайёра биосфераси имкониятларидан 1,5 баробар юқори эканини қайд этди.
Аҳоли жон бошига ишлатилган табиий ресурслар кўрсаткичи бўйича Бирлашган Араб Амирликлари етакчилик қилмоқда. Маълумотларга кўра, БАА ҳозирда ўзининг захирадаги табиий бойликларидан 12 бор катта истеъмол қилиш даражасига эга. Мазкур кўрсаткич Японияда етти, Хитойда 2,2 маротабани ташкил қилса, Италия ва Швейцарияда тўрт мартадан кўпроққа тенг. Табиий ресурсларга бой АҚШ ўз захирасидан деярли икки бор кўпроқ харажат қилмоқда. Ўз навбатида, захирадаги ресурсларига нисбатан Буюк Британия 3,3, Германия 2,5 ва Франция 1,6 марта кўп истеъмол даражасига эгадир.
Камроқ овқатланиш, вақти-вақти билан автомобилда эмас, велосипед ёки метрода юриш ва тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш сингари ҳаракатлар орқали табиатга бўлган салбий таъсирни камайтириш мумкин. Бу нафақат одамларнинг, балки ҳайвон ва ўсимликларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолади.
Табиатшунос олимларнинг маълумотларига кўра, бутун сайёра бўйича сўнгги 30 йил ичида ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари ўртача 3о, тропик ҳудудларда эса 51 фоизга камайиб кетган.
Изоҳ (0)