Россиянинг Красноярск ўлкасида ҳар йили нишонланадиган «Минусинск помидори» танловининг якуний натижалари эълон қилинди. 1506 граммлик помидор танлов ғолиби деб топилди. У 11 йилдан бери нишонлаб келинаётган байрамда рекорд ўрната олмади. Бироқ уни етиштирган шахсга муносиб соврин — автомобиль тақдим этилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Тадбир ташкилотчиларининг сўзларига кўра, мусобақаларда Минусинск шаҳридаги 39 нафар томорқа эгалари иштирок этган. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ҳосилни унинг эгаси кўз ўнгида йиғиб, вазнини аниқ ўлчагач, мухлислар баҳолаши учун жўнатган.
«Минусинск ҳудудида етиштириладиган помидорлар таркибида хавфли моддалар йўқ. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларга нисбатан ўта талабчан бўлиб, улар помидорларнинг қандай шароитда ўстирилганига алоҳида эътибор қаратади; деҳқоннинг кўз ўнгида ҳосилни йиғиб олади. Зарурият туғилса, ҳосилнинг кимёвий таркибини текширади», — деб қайд этди шаҳар маъмурияти ходимлари.
Тадбирда иштирокчи ва мухлисларни қўшиб ҳисоблаганда, жами 8000 га яқин Красноярск ўлкаси, Томск, Иркуртск, Новосибирск вилоятлари, Хакасия ва Тува республикалари аҳолиси қатнашди.
Шаҳар маъмурияти тадбирнинг шунчаки байрам эмас, балки Красноярск ўлкаси жанубий ҳудудларининг озиқ-овқат ишлаб чиқариш ярмаркаси ва Минусинск озиқ-овқат саноати маҳсулотларини татиб кўриш кўргазмаси эканлигини қайд этди.
Изоҳ (0)