Ҳозирга кунда Самарқанд вилоятида қурилиш-пудрат ташкилотлари сони 1300 дан ортади. Демак, шунча қурилиш ташкилотига эҳтиёж, юмуш бор, деб қайд этди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мустақиллик йилларида вилоятда 130 қишлоқ врачлик пункти, олтита соғлиқни сақлаш объекти қурилиб, 14 марказий шифохона реконструкция қилинди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 61 янги мактаб барпо этилди, 480 тасида реконструкция, 330 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Юздан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қад ростлади.
Самарқанд шаҳрида кейинги йилларда элликка яқин кўп қаватли уйлар барпо этилди. Айни пайтда 16 ана шундай замонавий уйда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган беш йил давомида вилоятнинг 53 қишлоқ массивида 3355 уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Жорий йилда 1127 янги уйда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрами арафасида аҳолининг кўпчилиги янги уйларга кўчиб ўтади.
2014 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, бу йил Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун 1 триллион 584 миллиард сўмлик капитал маблағ ўзлаштирилиши белгиланган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 172 ижтимоий соҳа иншооти барпо этилмоқда.
Иштихон, Паяриқ, Нарпай, Ургут, Тайлоқ туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли биноларда реконструкция ишлари бажарилмоқда. Мустақиллик куни арафасида вилоятда 52 умумтаълим мактаби, 18 касб-ҳунар коллежи, 12 соғлиқни сақлаш объекти, 17 болалар спорти объекти фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлашни яхшилаш, халқаро ва маҳаллий аҳамиятдаги, хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш мақсадида ҳам бир неча лойиҳа амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)