Пойтахтда мустақилликнинг 23 йиллиги олдидан «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» шиори остида анъанавий «Истиқлол фарзандлари» ёшлар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, халқаро олимпиадалар, турли спорт мусобақалари, танловлар ғолиблари, ижтимоий фаол ёшлар қатнашди.
Тадбир давомида ёшларни Ўзбекистоннинг олий қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ушбу органларга саёҳатлар ташкил этилиб, унинг доирасида иқтидорли ёшлардан «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасига таклифлар олинди.
«Баркамол авлод» республика болалар марказлари тарбияланувчиларининг Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан «Ватанимга менинг туҳфам» мавзусидаги ижодий ишлари кўргазмаси; ёш рассомлар, шоирлар ўртасида ўтказилган танловлар фестивалга янада кўтаринкилик бағишлади.
Эслатиб ўтамиз, фестивал доирасида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан учрашув ва «Камолот кутубхонаси» лойиҳаси доирасида «Юрт ифтихорлари» туркумида чоп этилган «Равшан Эрматов: энг кучли ФИФА рефериси» китобининг тақдимоти ўтказилди.
Изоҳ (0)