Россиянинг Петрозаводск шаҳрида полиция ходимини тишлаб олиб, вафот этган 39 ёшли аёлнинг ўлими сабабини аниқлаш билан боғлиқ суд-тиббий экспертиза жараёни олиб борилмоқда. Бу ҳақда РФ субъекти ҳисобланган Карелия Республикаси бўйича Тергов-қидирув қўмитасининг Петрозаводскдаги тергов-қидирув бўлими раҳбари Виктор Рассипнов берган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Воқеа 10 август кечки пайт кўчада содир бўлган. Полиция ходимлари маст ҳолда бўлган эркак ва аёл кишига яқинлашади. Тергов-қидирув қўмитасининг маълум қилишича, тартиб посбонлари томонидан текширув ишлари олиб борилаётганда, маст аёл полиция ходимини тишлаб олади ва ўша ернинг ўзида вафот этади.
Тергов-қидирув муассасасидан хабар берилишича, аёл полициячини қаттиқ тишлаб олган, «бироқ у ходимнинг соғлигига зарар етказмаган». Виктор Рассипновнинг сўзларига кўра, айни дамда мутахассислар полиция ходимларида бўлган электр шокер ёки газ баллонининг аёл организмига таъсир қилган бўлиши эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
«Экспертлар маълумотига кўра, аёлнинг ўлимига юрак-томир тизимидаги касаллик сабаб бўлган бўлиши мумкин», — деб қўшимча қилди Рассипнов.
Аёлнинг тўсатдан вафот этиши сабаблари бўйича мутахассислар хулосаси 20 августгача эълон қилинади.
Изоҳ (0)