Яман пойтахти Сана шаҳрида икки никоҳ маросими катта жанжалга сабаб бўлишига оз қолди. Келинни олиб кетаётган автомобиль адашиб, бошқа тўй кортежига кириб қолди ва янги келинни бегона куёвнинг уйига олиб келди. Худди шу вақтда куёв танлаган келин ҳам янги хонадонига етиб келди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Воқеа Сана кўчаларида келинни олиб кетаётган лимузин ҳайдовчиси айби билан содир бўлди. Келин йўл четида тўй кортежини кутаётган одамлар орасида танишларини кўриб, улар билан гаплашиш учун автомобилни тўхтатади.
Йўлида давом этган лимузин ҳайдовчиси адашиб, бошқа бир тўй кортежига бориб қўшилади. Ҳайдовчи келин-куёвга ҳамроҳлик қилаётган меҳмонларни ҳам ортда қолдириб, келинни янги уйига «учириб» олиб бориб қўяди.
Турмуш ўртоғини кутиб олиш учун уйдан чиққан куёв автомобиллардан тушган икки келинни кўриб, эсанкираб қолади. Меҳмонларнинг маълум қилишича, бу вақтда мусиқа ва табрик сўзлари ҳам тиниб, ўртага оғир сукунат тушган.
Адашиб келтирилган қиз йигитнинг «бошқа куёв» эканлигини айтиб, воқеага ойдинлик киритди. Меҳмонлар кула бошлади ва қиздан «ҳақиқий куёв»нинг исмини сўраб, келинни «ўз манзили»га жўнатди.
Изоҳ (0)