Ўзбекистон миллий терма жамоаси 28 декабрь куни Ироқ терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. ЎФФ Терма жамоалар маркази берган маълумотга кўра, иккала томон бу борада ўзаро келишувга эришган. Учрашув 28 декабрь куни БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги — 2015 финал босқичига тайёргарлик кўраётган Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг август, сентябрь ва октябрь ойларида ҳам бир нечта халқаро ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши режалаштирилган.
Жумладан, 20 август куни миллий терма жамоа Бокуда Озарбайжон миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушса, сентябрь ойида Тошкентда иккита учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Унга кўра, 3 сентябрь Иордания, 8 сентябрь Янги Зеландия терма жамоаси Тошкентда меҳмон бўлади.
Шунингдек, Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги миллий терма жамоа 6 октябрь куни Дохада Қатар терма жамоасига қарши майдонга тушади. Октябрь ойидаги яна иккита учрашув 10 ва 14 октябрь кунлари Баҳрайн ва БАА терма жамоаларига қарши ўтказилади. Мазкур икки учрашув ҳам БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)