ФИФА дунё терма жамоаларининг навбатдаги рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон терма жамоаси август ойи рейтингида ўз очколарини бештага кўпайтирди (528) ва бир поғона юқорилади. Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси 51-ўринни эгаллаб турибди, деб маълум қилди Stadion.uz.
Ўзбекистон сўнгги ФИФА рейтингида 7,5 йил ичидаги ўзининг энг юқори натижасини қайд этди. Терма жамоа 2007 йилнинг февраль ойида 50-ўринга кўтарилган эди.
Ўзбекистон ҳамон Осиёнинг учинчи жамоаси бўлиб турибди. Япония янги рейтингда 11 очко йўқотганига қарамай, битта ўрин юқорига кўтарилди ва 44-ўринга жойлашди. Очколарида ўзгариш юз бермаган Эрон ҳам бир қатор кўтарилди ва 48-ўринга жойлашди. Иордания ва Жанубий Корея терма жамоалари ўрин алмашган ҳолда 56 ва 57-поғоналарни банд этди.
Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё кубоги — 2015’нинг бир гуруҳида баҳс олиб борадиган Саудия Арабистони 83-ўринга тушиб кетди (-5). Ўз навбатида, Хитой ҳам уч поғона пастлаб, 97-ўринни эгаллади.
Осиё кубоги мезбони Австралия яна пастлашда давом этиб, 79-ўринга тушиб қолди. КХДР эса 146-ўринни эгаллаб турибди.
МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари орасида Ўзбекистон терма жамоаси Украина (22), Россия (23) ва Арманистон (36) терма жамоаларидан кейин тўртинчи ўринда бормоқда.
Жадвални Германия, Аргентина ва Голландия учлиги бошқаришда давом этмоқда. Кейинги ўринларда Колумбия, Бельгия ва Уругвай бормоқда. Испания эса ўз очколарини 12 тага кўпайтириб, Brazilия билан биргаликда 7-ўринни бўлишиб турибди.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА сайтида танишиб олишингиз мумкин.
Изоҳ (0)