Мадриднинг «Реал» клуби Европа суперкубоги учун кечган баҳсда «Севилья»ни мағлуб этди ва ўз тарихида иккинчи маротаба ушбу совринни қўлга киритди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Ўйин тенгма-тенг курашлар остида бошланган бўлса-да, Анчелотти шогирдлари аста-секин босимни ошириб борди ва 29-дақиқада ўз мақсадига эришди. Бэйлнинг олис масофадан амалга оширган узатмасига барчадан аввал етиб келган Роналду дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлимни андалусияликлар шиддат билан бошлади, аммо гол уриш яна Роналдуга насиб этди. У Бензема томонидан узатилган тўпни дарвозага буриб юборди ва ҳисобни 2:0 га етказди.
Шундан сўнг «Севилья»нинг шашти бироз пасайди ва улар, асосан, ҳимояланишди. «Реал» эса бир қанча имкониятлардан фойдалана олмади. Унай Эмери шогирдлари қўшиб берилган дақиқаларда битта жавоб тўпини киритишлари мумкин эди, бироқ Карлос Бакканинг зарбасини Икер Касиляс маҳорат билан қайтаришга муваффақ бўлди.
Европа суперкубоги
«Реал Мадрид» (Испания) — «Севилья» (Испания): 2:0 (1:0)
Голлар: 1:0 — 30 Роналду, 2:0 — 49 Роналду.
«Реал Мадрид»: Касильяс, Рамос, Карвахаль, Пепе, Коэнтрау (Марсело, 84), Бэйл, Хамес (Иско, 72), Кроос, Модрич (Ильярраменди, 86), Бензема, Роналду.
«Севилья»: Бету, Коке (Фигейраш, 84), Каррису, Пареха, Ф. Наварро, Витоло, Крыховяк, А. Видаль (Аспас, 66), Д. Суарес (Рейес, 79), Фасио, Бакка.
Огоҳлантиришлар: Витоло (42), Карвахаль (45), Кроос (53), Ф. Наварро (66).
Изоҳ (0)