Россиядаги «Миссис Дунё» танловининг расмий вакили — «Четвёртая власть» («Тўртинчи ҳукумат») компанияси берган ахборотга кўра, Санкт-Петербургда истиқомат қилувчи Юлия Ионина «Миссис Дунё» танловида ғалаба қозонмаган. Маълум бўлишича, у Queen Beauty World («Дунёнинг гўзал қироличаси») номли норасмий гўзаллик танловида биринчи ўринни олган. Бу ҳақда ИТАР-ТАССга таяниб, «Вести» хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда «Миссис Дунё — 2014» мақомининг 29 ёшли россиялик аёлга берилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
«Четвёртая власть» вакиллари ўтган ҳафта Эквадорда ўтказилган Queen Beauty World танловининг «Миссис Дунё» билан боғлиқ эмаслигини Mrs. World, Inc. компанияси ва унинг президенти Девид Мармел номидан маълум қилди.
Юлия Ионинанинг ўзи ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифасида танловларнинг бир-биридан фарқ қилиши ҳақида огоҳлантирилмаганини таъкидлади. «Танловдаги вакилим менга Queen Beauty World — 2014’да ғалабага қозонганимни таъкидлаган ҳолда расман ‘Миссис Дунё’ номини ишлата олишим мумкинлигини айтган эди.
Келгусидаги англашилмовчиликларни олдини олиш мақсадида ОАВларидан ҳозирдан бошлаб мени расман ‘Дунё қироличаси — 2014’ деб аташларини илтимос қиламан», — деб қайд этди Ионина.
«Миссис Дунё» (Mrs. World — 2014) танловининг финал босқичи ноябрь ойининг охирида Вашингтонда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)