Microsoft компанияси 4 сентябрь куни янги Lumia смартфонини тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда The Verge маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Компания Ready for more? – «Кўпроғига тайёрмисиз?» номли эълони билан матбуот вакилларини 4 сентябрь куни Берлинда бўлиб ўтадиган тадбирга таклиф қилмоқда. IFA кўргазмаси пайтида ўтказиладиган бу тадбирда икки ҳафта аввал компания ички мажлисида намойиш этилган икки смартфон расман эълон қилиниши мумкин.
Смартфонлардан бирининг ишчи номи Lumia Superman бўлиб, унда 5 мегапикселли олд камера ўрнатилгани боис «селфи телефони» деб аталмоқда ва у Lumia 730 номи остида тақдим этилиши кутилмоқда. Иккинчисининг ишчи номи эса Lumia Tesla ва у Lumia 830 номи остида тақдим этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 3 сентябрь куни Samsung Galaxy Note 4 ва Sony Xperia Z3 смартфонлари ҳам эълон қилиниши мумкин. Шунингдек, Apple ҳам 9 сентябрда катта тадбир режалаштирган ва унда iPhone 6 смартфонининг эълон қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)