Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жойларда, хусусан, маҳаллаларда кенг кўламли чора-тадбирлар ўтказилмоқда, деб ёзади ЎзА.
«Байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида изчиллик билан амалга оширилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи майор Ўктам Раҳматов. – Бунда ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда».
Паспорт режими қоидаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказилиб, қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Соҳа ходимлари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда 11 мингга яқин хонадон, 1000 дан зиёд кўпқаватли уй, кўплаб ташкилот ва корхоналарда текширишлар ўтказилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 121 нафар мансабдор шахс ва фуқарога тегишли равишда жарима қўлланилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар йўл-патрул хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда.
Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида огоҳликка чорловчи тадбирлар, «Ўз уйингни ўзинг асра» мавзусида учрашув ва суҳбатлар ташкил этиляпти.
Изоҳ (0)