Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 августдаги фармойишига мувофиқ, август ойи Ўзбекистонда Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, деб эълон қилинди.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими маълум қилишича, ҳозирда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўпқаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайлгоҳларни тартибга келтириш, кўпқаватли уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, уларнинг ўрнини обод этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги 10 та маҳаллада 30 дан зиёд болалар ўйин майдончаси, 40 дан зиёд автомобиль сақлаш жойлари фойдаланишга топширилди. Қарийб 7000 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган «Шодлик» маҳалласида шахсий автомобиль эгаларига ўз машинасини сақлаш учун шароит яратиш мақсадида бўш ётган майдонлар ободонлаштирилиб, янги автомобиль тўхташ жойлари қуриш ишлари ташкил этилди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида болалар ўйин майдончаларининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида 40 га яқин янги майдонча қурилиб, зарур воситалар билан жиҳозланди.
Юнусобод туманининг «Янгиобод» маҳалласида амалга оширилаётган намунавий маҳалла лойиҳаси доирасида ноқонуний қурилмаларнинг ўрнига боғ, гулзор ва ўйин майдончалари барпо этилмоқда. Маҳаллада мавжуд бешта болалар ўйин майдончаси босқичма-босқич реконструкция қилинди.
Маҳаллада кўпқаватли уйларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш тизимини модернизациялаш, чиқинди майдончаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнда ҳудуддаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари, «Мадали сервис» бошқарув компанияси билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилгани яхши самара бермоқда. Чиқиндилар ўз вақтида ташиб кетилаётгани туфайли ноқонуний чиқиндихоналар ҳосил бўлишининг олди олинмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб Ободонлаштириш ва тозалик ойлигини, унинг доирасида 16-17 август кунлари бўладиган умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда, кенг аҳоли қатламларининг фаол иштирокида ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Бу борадаги ишларни изчиллик билан ташкил этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ишчи гуруҳлар шакллантирилди.
Изоҳ (0)