«Ўзелтехсаноат» акциядорлик компанияси Zenit Electronics МЧЖ ва Жанубий Кореянинг Samsung Electronics компаниялари ўртасида Ўзбекистонда LED телевизорларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Анҳор» хабар бермоқда.
2011 йилдан бери ҳамкорликда фаолият юритаётган мазкур икки компаниянинг навбатдаги LED телевизорлари билан боғлиқ лойиҳаси Тайёр маҳсулот ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилади.
2016 йилгача маҳаллийлаштиришни 49 фоизгача етказиш режалаштирилмоқда. LED телевизорлари қисмларининг асосий қисми Zenit Electronics ва у билан боғлиқ муассасалар қуввати ёрдамида ишлаб чиқарилади. Янги лойиҳа жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида завод ускуналари янгиланди; пластик маҳсулотларни қуйиш ва босма платаларни ишлаб чиқариш ўрганилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 2,9 миллион доллардан ошади. Йил якунига қадар 9,9 мингта тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. 2017 йилга қадар заводда ишлаб чиқариладиган телевизорлар сони 75 минг (ишлаб чиқаришда энг юқори кўрсаткич)га етказилади.
Изоҳ (0)