9 август куни Олимпия шон-шуҳрати музейида жорий йилнинг 16—28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган иккинчи ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг йўлланмаларини қўлга киритган спортчилар ва уларнинг мураббийларига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мукофотлари тантанали суръатда топширилди. Бу ҳақда Olympic.uz хабар бермоқда.
Ҳақиқий байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, сенатор Мираброр Усманов ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев сўзга чиқиб, ўта кучли рақобат остида ўтган мусобақаларда ўзларининг маҳорат ва тажрибаларини ҳар томонлама намоён этган спортчилар ҳамда мураббийларга миннатдорчилик изҳор этди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Светлана Кузнецова ҳамда бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони, Нанкин — 2014 ўсмирлар Олимпиадасининг очилиш тантаналарида Ўзбекистон байроғини стадион узра олиб ўтиш бахтига муяссар бўлган Бектемир Мелиқўзиев спортчи ва мураббийлар номидан сўзга чиқиб, ўсмирлар олимпиадасида ҳам Ўзбекистон ша’нини муносиб ҳимоя қилишга, ўзбек халқи ва Президентнинг ишончларини оқлаш учун бор куч ва маҳоратларини намоён этишга ваъда берди.
Шундан сўнг, Олимпиада ўйинларига йўлланма олган ва лицензияларни қўлга киритилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган жами 35 нафар спортчига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамиз, иккинчи бор ўтказиладиган ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларида 28 нафар спортчи 14 спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Нанкин шаҳрига 11 август куни йўл олади.
Изоҳ (0)