Норвегиянинг Тромсе шаҳрида давом этаётган 41-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида бугун, 9 август куни 7-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Olamsport» хабар бермоқда.
Нуфузли мусобақада 33-рақам остида таснифланган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси кеча биринчи рақамли жамоа — Россия термасига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, 6-ўриндан 15-поғонага тушиб кетганди.
Бугун Рустам Қосимжонов сардорлигидаги шахматчилар АҚШ терма жамоасига қарши дона суради. Америкалик шахматчилар ҳисобида ҳам Ўзбекистон каби олтита ўйиндан тўртта ғалаба, биттадан дуранг ва мағлубият бор. Улар турнир жадвалида қўшимча коэффициентларга кўра 22-поғонадан жой олган.
Хикару Накамура, Гата Камский сингари кучли гроссмейстерларга эга океан орти вакиллари кеча 6-турда Парагвай терма жамоасини 3:1 ҳисобида енгди. АҚШ терма жамоаси таркибидан жой олган шахматчиларнинг бари гроссмейстер мақомига эга.
Изоҳ (0)