2014 йил бошида Ўзбекистонда йўловчиларни такси ёрдамида элтиш бўйича хизмат кўрсатувчи 1500 дан зиёд компания фаолият юритган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Игорь Кореневнинг «На посту» газетасига берган интервьюсига таяниб, Podrobno.uz хабар бермоқда.
Бугунги кунга келиб, 16 мингдан ортиқ такси янги талабларга мувофиқ қайта жиҳозланди. Улар учун ҳозирда 260 га яқин махсус тўхташ жойлари хизмат кўрсатмоқда.
Кореневнинг сўзларига кўра, такси хизматининг давлат бюджетига қўшган ҳиссаси 2011 йилда 7,8 миллиард сўм ва 2012 йилда 10,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 13 миллиард сўмдан ошган.
Сўнгги уч йилда мазкур соҳа туфайли 20 мингдан зиёд янги ишчи ўрни яратилди. Шунингдек, депутат қайд этганидек, биргина 2013 йилда такси хизматини ташкил этувчи компаниялар 31,5 миллиард сўм, шу жумладан жалб қилинган 27,6 миллиард сўмлик кредитга 920 дан ортиқ автомобиль харид қилди.
Изоҳ (0)