Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг янги асарлари тақдимоти муносабати билан ташкил этилган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир, адабиётшунос олимлар А.Расулов, У.Норматов ва бошқалар сўзга чиқди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг яқинда «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган «Қиз болага тош отманг», «Қиз талашган ўсмирлар», «Қуёнлар салтанати» номли романлари мустақиллик йилларида вояга етган ёшлар ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари ҳақида ҳикоя қилади. Асарларда меҳр-муҳаббат, оқибат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, диёнат, орият каби чин инсоний туйғулар ёрқин образлар, кутилмаган ва шу билан бирга қизиқарли воқеалар ёрдамида талқин этилган.
«Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало ҳамюртларимиз, ёшларнинг онг-у шуурида, кайфиятида, руҳиятида ижобий ўзгаришлар ясади, – дейди Худойберди Тўхтабоев. – Катта авлод вакиллари фақат орзу қилган бундай улкан ўзгаришлар, салмоқли ютуқ ва марралар ижод аҳлининг самарали меҳнат қилишига илҳом бағишламоқда».
Изоҳ (0)