Тошкентда автомобилини белгиланмаган жойда қолдирган ёки бошқа автомобиллар ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига ҳалал берадиган даражада қўйиб кетган ҳайдовчиларнинг уловига «СтопХам» («Тўхта, сурбет») ёрлиқларини ёпиштириб кетишмоқда. Бу ҳақда «Кун» хабар берди.
Ушбу акция ким томонидан бошлангани, ёрлиқларни кимлар ёпиштираётгани аниқ эмас, бироқ ижтимоий тармоқларда айнан қоидабузар ҳайдовчиларнинг автомобиллари шундай ёрлиқлар билан белгиланганини исботловчи тасвирлар тарқалиб кетган.
Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари ҳайдовчиларни бундай йўл билан тарбиялаш борасида, одатдагидек, иккига бўлинган, дея хабар бермоқда Podrobno.uz. Аксарият фойдаланувчилар бу фикрни маъқуллаётган бўлса, бу ҳолатга қарши чиқаётганлар ҳам бор.
Қайд этиш жоиз, «СтопХам» ҳаракати қўшни мамлакатларда, асосан, Россияда айниқса фаол бўлиб, бунда ҳатто ҳаракат иштирокчилари қоидабузар автоҳаваскорларнинг ҳаракатларини кузатув камераларига ёзиб олиб, алоҳида кўрсатув ҳолида интернетга юклайди.
Тошкентда эса «СтопХам» ҳаракати аъзолари ҳозирча қоидабузар автомобилларнинг олд ойнасига тегишли ёрлиқни ёпиштириб кетиш билан чекланмоқда.
Изоҳ (0)