Олий лига 14-туридан ўрин олган сўнгги ўйин «Локомотив» ва «Навбаҳор» клублари ўртасида бўлиб ўтди. Учрашувда «темирйўлчилар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Ўйин тезкор гол билан бошланди. Давралар оралиғида «Локомотив» таркибига келиб қўшилган тажрибали ҳужумчи Александр Гейнрих 8-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Бу гол меҳмонларни бироз довдиратиб қўйди. Натижада улар ҳимояда пала-партиш ҳаракат қила бошлади. «Локомотив» эса ўйинда ташаббусни қўлга олиб, рақиб дарвозаси томон хавфли ҳужумлар уюштира бошлади.
Биринчи бўлим якунланиш арафасида «Локомотив»нинг яна бир янги аъзоси Алишер Шоғуломов ҳам таблога ўз номини ёздириб қўйди.
Иккинчи бўлим ҳам майдон эгаларининг ҳужумлари остида бошланди. Аммо тошкентлик футболчилар бу ҳужумларни голга айлантира олмади. Вақти-вақти билан қарши ҳужумга ўтиб турган наманганликлар ҳам ҳисобни қисқартишга муваффақ бўлмади. Ўйин 2:0 ҳисоби билан якунига етди.
Шу тариқа «Локомотив» жамоаси иккинчи даврани ғалаба билан бошлади.
Олий лига (14-тур)
«Локомотив» — «Навбаҳор»: 2:0
Голлар: Гейнрих (8), Шоғуломов (42)
«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Шавкат Муллажонов, Салим Мустафоев, Ислом Тўхтахўжаев, Дилшод Раҳматуллаев, Иброҳим Раҳимов, Фозил Мусаев, Алишер Шоғуломов (Фарҳод Тожиев, 46), Лутфулла Тўраев, Иван Нагаев (Жасур Хасанов, 46), Александр Гейнрих.
«Навбаҳор»: Дониёр Усмонов, Алишер Саматов (Алишер Маҳмудов, 80), Раҳматулло Бердимуродов, Мансур Саидов (Шаҳбоз Эркинов, 50), Азим Аҳмедов, Отабек Валижонов (Илхом Бойдадаев, 50), Роббим Ҳасанов, Тоҳир Шамсиддинов, Юрий Рижко, Руслан Качур, Бобир Акбаров.
Изоҳ (0)