Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БСТ)нинг маълум қилишича, Ғарбий Африкада февралдан бери Эбола безгаги туфайли 887 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
4 август, душанба куни Африка тараққиёт банки Сьерра-Леоне, Либерия ва Гвинеяга тарқалган эпидемияга қарши кураш учун 50 миллион доллар миқдорида пул ажратишга ваъда берди. Жаҳон банки эса мазкур мамлакатларга 200 миллион долларгача маблағ ажратади.
Жаҳон банки баёнотида таъкидланишича, ажратилаётган пул мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ҳамда эпидемия натижасида юзага келган иқтисодий инқирозни енгиш учун ишлатилади.
Бундан ташқари, БСТ Африкада эбола безгагининг тарқалишига қарши кураш кампанияси учун 100 миллион доллар тўплашни режалаштираётгани маълум қилинди.
«РИА Новости»нинг қайд этишича, БСТ Бош раҳбари Маргарет Чен касалликнинг тарқалиши салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантириб, 6 август куни ташкилотнинг фавқулодда қўмитаси мазкур эпидемия борасида йиғилишини маълум қилди.
Маълумот учун, Эбола безгаги қон, турли ажратма (тер, йиринг каби)лар, шунингдек, беморнинг заҳарланган буюмлари орқали юқиб, ўлимга олиб келиши мумкин. Ҳозирча мазкур касалликка қарши даво воситасини ишлаб чиқиш борасидаги ҳаракатлар самара бермади.
Изоҳ (0)