Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида даромад ва капиталнинг икки ёқлама солиққа тортилишини олдини олиш тўғрисидаги 2002 йил 3 апрель Битимига ҳамда унинг Баённомасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённома 2014 йил 1 июлда Берн шаҳрида (Швейцария) имзоланган. Бу ҳужжат аҳдлашувчи давлатлар ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган молиявий операциялар тўғрисидаги тегишли маълумотларни айирбошлаш тартибини белгилайди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитасининг ахборот хизмати.
Мазкур Баённома имзоланиши муносабати билан, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк бошқарувининг «Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори Адлия вазирлигида 2014 йил 30 июлда 2467-1-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Унга мувофиқ, Адлия вазирлигида 2013 йил 12 июнда 2467-сон билан рўйхатдан ўтган Низомнинг 1-иловаси 44-банди ўз кучини йўқотган деб топилди.
Шу муносабат билан, Швейцария Конфедерациясининг Женева, Нешетал (Невшатал), Фрибург ва Суг кантонлари имтиёзли солиқ режими бериладиган ва (ёки) молиявий операциялар амалга оширилганда ошкор этиш ва ахборот бериш назарда тутилмайдиган давлат ва ҳудудлар (оффшор ҳудудлар) рўйхатидан чиқариб ташланди.
Изоҳ (0)