Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Мамажонов ўзининг навбатдаги жангини 22 август куни угандалик Осума Акабага қарши ўтказади. Бўлажак жанг Огаё штатининг Коламбус шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Olamsport» хабар берди.
Акаба шу кунгача 36 та жанг ўтказиб, шуларнинг 31 тасида ғалаба қозонган. 24 та жангда рақибларини нокаут билан мағлуб этган. Ҳисобида бешта мағлубиятли жанг бор. Баҳодир Мамажонов бўлажак жанг ва рақиб ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Тайёргарликни кучайтирдик. Кунига икки маҳалдан кучайтирилган режимда машғулот ўтказяпмиз. Мураббийим Кен Ричардсон билан машғулотга зўр берганмиз.
Тўғри, рақибим жуда кучли боксчи. Охирги 10 та жангидан тўққизтасини нокаут билан ютган. Шунга қарамай, ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қиламан. Ўтган ҳафта дўстим ва жамоадошим Ахрор Миролимов ўз вазн тоифасида илк чемпионлик (АҚШ чемпионлик титули) камарини қўлга киритди.
Ахрор рақибини иккинчи раунддаёқ нокаут билан енгди. Мен ҳам дўстимнинг натижасини такрорлашга уриниб кўраман ва бунинг учун бор имкониятимни сарфлайман», — дейди Б.Мамажонов.
Изоҳ (0)