АҚШ Давлат департаменти раҳбари Жон Керри ва БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг баёнотида қайд этилишича, ҲАМАС ташкилоти ва Исроилнинг вакиллари Ғазо секторида 72 соатга ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Сулҳ 1 август куни соат 8:00 дан амал қилишни бошлайди. Бу ҳақда BBC’га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Керрининг айтишича, сулҳ амал қилиш вақтида Ғазо секторидаги тинч аҳоли гуманитар ёрдам билан таъминланади. Фаластин ва Исроил делегациялари эса Миср ҳукумати билан музокара олиб бориш учун Қоҳирага йўл олади. Миср, айни дамда, ўт очишнинг узоқ вақтга тўхтатилиши таклифини илгари сурмоқда.
Шу билан бир вақтда, шахси маълум қилинмаётган америкалик мансабдор шахс АҚШ ҳам, Исроил ҳам ҲАМАС билан музокаралар учун бир столга ўтирмаслигини маълум қилди. Ҳозирда Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос олдида ҲАМАС вакилларини ҳам киритган ҳолда делегация таркибини тузиш муаммоси турибди.
Бундан аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Нави Пиллей икки тарафни ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда қоидабузарликларга йўл қўяётганликда айблаган. Унинг фикрича, ҲАМАС мактаб ва шифохоналарга ракета жойлаштириш, шунингдек, уларни аҳоли зич бўлган ҳудудлардан учириш орқали қоидаларни бузмоқда. Исроил эса Ғазо секторидаги мактаб, шифохона ва аҳоли турар жойларидан иборат фуқаролик ҳудудларига ҳужум қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 72 соатлик мазкур сулҳ Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган операцияси давомида тузилган иккинчи битимдир. 26 июль куни Исроил Ғазо секторида 12 соат давомида ўт очишни тўхтатишга рози бўлган эди.
Изоҳ (0)