Олма-Отадаги ихтисослашган туманлараро маъмурий суд апрель ойи сони Адольф Гитлерга бағишланган «Аниз адам» журнали бош муҳаррири Жарилкап Калибайни жаримага тортди, шунингдек нашрнинг шов-шувли сонини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Адлия вазирлиги Суд экспертизаси маркази эксперти журналдаги «Гитлер фашист эмас» мақоласида экстремизмни оқлаш белгилари борлигини аниқлаган. Шунга асосланиб, Олма-Ота ички ишлар департаменти Калибайга нисбатан Қозоғистон Маъмурий қонунбузарлик тўғрисидаги кодексининг 344-моддаси 2-бандига мувофиқ айблов қўйилди.
Суд қарорига кўра, Калибайга 15 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичида (152 доллар), журнални чоп этувчи юридик шахсга эса 70 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичида (708 доллар) жарима солинди.
Эслатиб ўтамиз, «Аниз адам» («Афсонавий шахс») журналининг апрель сони Адольф Гитлернинг 125 йиллигига бағишланган эди.
Аввалроқ фуқаролик ишлари бўйича Олма-Ота суди Жарилкап Калибайга фахрийлар шикояти бўйича 13 миллион тенге (тахминан 70 минг доллар) тўлаш мажбуриятини юклаган.
Журналнинг шов-шувга сабаб бўлган сонига «Гитлер фашист эмас» мақоласи киритилган бўлиб, унда фашистлар раҳнамоси оқланган. Яна бир мақола эса Гитлернинг «Майн кампф» китобига бағишланган. Журналда китобдаги кўпгина муаммолар тўғри очиб берилгани таъкидланган.
Ушбу сонга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдириб, бундай нашр номақбул эканини таъкидлаган. Алоқа ва ахборот миллий агентлиги шов-шувли сонда республика конституцияси ва қонунчилигидаги ижтимоий, миллий, ирқий ёки диний зидликни авж олдириш қисмини бузиш аломатлари борлиги ҳақида баёнот берган.
21 апрель куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари журналнинг Гитлер ҳақидаги сонини ёқиб юборишди ва ҳокимиятга мурожаат қилиб, нашр лицензиясини олиб қўйишни сўрашди. Улар «Аниз адам» бош муҳарририни жиноий жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилишди.
Жарилкап Калибайнинг ўзи эса барча даъволарни рад этиб, у шунчаки, Гитлер каби шахслардан етиши мумкин бўлган хавфларни кўрсатмоқчи бўлганини айтган.
Изоҳ (0)