Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА лайнсмени Абдуҳамидилло Расуловлар шу йилнинг 9—23 октябрь кунлари Мьянмада бўлиб ўтадиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилади. Бу ҳақда Stadion.uz хабар берди.
Осиё Футбол Конфедерацияси октябрь ойида Мьянма мамлакати мезбонлик қиладиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати финал босқичи баҳсларида ишлайдиган ҳакамларни тасдиқлади. Унга кўра, ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов мазкур мусобақа ўйинларини бошқариб борадиган ҳакамлар қаторидан жой олди. Эрматовга мусобақа давомида қанотда ўзбекистонлик ФИФА лайнсмени Абдуҳамиддило Расулов ёрдам беради; иккинчи лайнсмен номини эса ОФК мусобақа арафасида тасдиқлайди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақада ўзбекистонлик яна бир ҳакам — ОФК назоратчиси Фарҳод Абдуллаев ҳам иштирок этади. Фарҳод Абдуллаев Осиё Чемпионатида назоратчи ҳакам вазифасини бажаради.
Эслатиб ўтамиз, Мьянмадаги Осиё Чемпионати баҳсларида Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этади.
Изоҳ (0)