Samsung компанияси 30 июль куни 2014 йилнинг иккинчи чорагида кўрган даромади ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Иккинчи чоракда Samsung’нинг даромади 51 миллиард доллар бўлган, ўтган йилнинг шу чорагида эса компания 52 миллиард доллар даромад кўрган эди.
Samsung ўтган йилнинг иккинчи чорагида 9,53 миллиард доллар фойда кўрган, жорий йилда эса бу кўрсаткич 17,1 фоиз пасайиб, 7 миллиард долларни ташкил этган.
Шунингдек, компания бутун чорак давомида 74,3 миллион дона смартфон сотган. Ўтган йилнинг иккинчи чорагида эса 77,3 миллионта смартфон сотилган эди. Компаниянинг планшет сотувида ҳам муаммолар мавжуд. Бунга эса 5–6 дюйм дисплейли смартфонларнинг ишлаб чиқарилгани сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Samsung компанияси жорий йилда 4,7 дюйм дисплейли Samsung Galaxy Apha ва 5,7 дюймли Galaxy Note 4 смартфонларини тақдим этиши мумкин.
Изоҳ (0)