The New Zealand Herald нашри 28 июль куни Янги Зеландияда туғилган Исроил ҳарбийининг ўлими билан боғлиқ хабар ёнига Jackass сериалида рол ижро этган комедик актёр — Райан Данн суратини чоп этгани учун узр сўради. Бу ҳақда Mashable хабар берди.
Сурат газетанинг душанба сони муқовасида «Киви Ғазода ўлдирилди» деган сарлавҳа билан чиқарилган. Аслида расм Ғазо секторида жума куни ҳалок бўлган Гай Бойленд исмли ҳарбийни акс эттириши керак бўлган. Бироқ унинг ўрнига 2011 йил автоҳалокат натижасида вафот этган америкалик актёрнинг сурати чоп этилган.
Газета таҳририяти бўлган воқеадан сўнг хабарга доир барча маълумотлар қайта кўриб чиқилгани ва натижада сурат Бойленднинг Facebook’даги саҳифасидан олингани аниқланганини айтиб, узр сўради.
Маълум бўлишича, исроиллик ҳарбий актёрнинг мухлисларидан бўлган. У Райаннинг автоҳалокат натижасида Пенсильванияда вафот этганидан хабар топгач, ўзининг Facebook’даги саҳифасига актёрнинг расмларини жойлаган.
Муҳаррир Шейн Куре воқеа содир бўлган куннинг ўзидаёқ The New Zealand Herald’нинг расмий сайтида ҳарбийнинг оиласи билан учрашиб, улардан узр сўралгани ва бошқа бундай хатоликка йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
Изоҳ (0)