Навоий шаҳрида янги Санъат галереяси очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов ва бошқалар Президент раҳнамолигида санъат ва маданиятни ривожлантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
«Мазкур санъат маскани ёшлар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди», — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Аминжон Қодиров. Шунингдек, у қурилишига 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган ушбу янги муассасада ёш санъатсеварлар учун барча имкониятлар яратилгани ва бу ерда навоийлик истеъдодли ижодкор ёшларнинг шахсий кўргазмаларини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди.
Шу куни «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!» деб номланган кўргазма ҳам бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган кўргазмада вилоятдаги моҳир рассом, ҳунарманд ва кулолларнинг ижод намуналари намойиш қилинди.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)