Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳудудида Франция университетлари, музейлари билан ҳамкорликда бешта халқаро — Ўзбекистон — Франция гуруҳлари археологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га асосланиб, «Кун» хабар берди.
Ўзбекистон Археология институти катта илмий ходими Тўхташ Аннаевнинг сўзларига кўра, ўзбек-француз Бақтрия археологик экспедицияси йигирма йилдан бери Сурхондарёда кенг кўламдаги қазишма ишларини олиб бораяпти.
Халқаро гуруҳнинг асосий тадқиқот иншооти эски Термиз ёдгорлиги бўлса-да, экспедиция аъзолари Холчаён ёдгорликларининг таркибий қисми бўлган Қорабоғтепа, қуйи Сурхон воҳаси маркази Ҳайитобод, Бойсунтоғ жанубий ёнбағрида жойлашган Поёнқўрғон (Туманқўрғон) каби ёдгорликларда ҳам археологик изланишлар олиб борди.
Шунингдек, эски Термизнинг қалъа қисми ва ундаги мудофаа истеҳкомларида, Катта ва Кичик Чингизтепада, ички шаҳар (шаҳристон)да, Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасининг шимолий ва шарқий томонларида жойлашган ғорсимон иншоотларда ҳам тадқиқотлар амалга ошириляпти.
«Қазишма ишлари жараёнида топилган санъат намуналари, тангалар, қадимги давр хат намуналари, ҳунармандчилик буюмлари Термиз шаҳрининг турли тарихий даврлардаги кечмиши ва тараққиёт босқичларини ойдинлаштириш билан бир қаторда, шаҳарнинг 2500 йиллик ёшини асослашда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилди», — дейди Аннаев.
Ўзбек-француз Бақтрия археологик экспедицияси аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан қатор китоблар, рисола ва илмий мақолалар чоп этилди. Хусусан, Пер Лерицнинг саъй-ҳаракати билан ўзбекистонлик, франциялик ва бошқа давлатлар археологлари, тарихчи-тилшунос, санъатшунос олимлар иштирокида, асосан, Сурхон воҳаси археологияси ҳамда у ердаги ёдгорликларга бағишланган мақолалар француз тилида чиқадиган «Археология хабарлари»нинг икки сонида чоп этилди.
Ўтган давр мобайнида ўзбек-француз Бақтрия гуруҳи фаолияти самарали кечди. Француз тилида «Қадимги Термиз» китоби, АҚШ, Буюк Британиянинг нуфузли нашрларида қадимги Термиз ҳақидаги мақолаларнинг чоп этилиши халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини оширди.
Изоҳ (0)