Пекин университетининг ҳисоботида қайд этилишича, бутун Хитойнинг учдан бир қисм бойлигига мамлакатнинг бир фоизгина аҳолиси эгалик қилади. Бу ҳақда Синьхуа агентлигининг 26 июлдаги ахборотига таяниб «РИА Новости» хабар берди.
Сўнгги йилларда Хитойда ЯИМ кўрсаткичи билан бирга аҳолини даромад бўйича қатламларга бўлинишини кўрсатувчи Жини коэффициенти ҳам ўсиб бормоқда. 1995 йилда у 0,45 га тенг келган бўлса, 2012 йилда 0,73 ни ташкил этди. Коэффициентнинг бу даражада ўсиши мутлақ тенгсизликка олиб келиши мумкин.
Тадқиқотчилар хитойликларни беш тоифа: камбағал ва беморлар, «чумолилар», «чиғаноқлар», истеъмол қилиш даражаси барқарор бўлганлар ҳамда бойларга ажратди. Биринчи гуруҳ вакиллари даромадларнинг барчасини дори-дармон учун сарфлайди. Улар мутлақ камбағалликка осонлик билан тушиб қолиши мумкин. «Чумолилар» камтарона даражадаги даромад ва истеъмол билан ажралиб туради.
«Чиғаноқлар» пулни жамғара оладиган даражадаги кишилар, бироқ таълим, турар-жой учун маблағни иқтисод қилиш сабабли уларнинг истеъмол даражаси биринчи икки гуруҳ аъзоларига яқин.
Қолган икки тоифа вакиллари эса ўртаҳол ва истеъмол даражаси юқори бўлган яхши таъминланган кишилардир.
Тадқиқотлар яна шуни кўрсатдики, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида Хитой аҳолисининг ўртача даромади ўтган йилги шу даврга нисбатан 10 фоизга кўтарилган.
ХХРнинг меҳнат ресурслари ва ижтимоий таъминоти вазири Ли Чжун эса мамлакатнинг 16 минтақасида энг кам иш ҳақининг ўртача 14,2 фоизга ўсганини таъкидлади.
Изоҳ (0)