«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг «Тошкент — Киев — Тошкент» рейси бўйича учаётган самолётлари Украинанинг Донецк вилоятини айланиб ўтмоқда. Бу ҳақда FlightRadar24 сервисига асосланиб, «Кун» хабар берди.
Рейс бўйича қатнаётган самолёт Киевдан шимол томон ҳаракатланиб, парвозни Россия ҳудуди орқали — Украинанинг жануби-шарқий вилоятларини айланиб ўтиш билан амалга оширмоқда. Бундай рейснинг парвоз давомийлиги бироз узаяди.
Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни Malaysia Airlines’нинг «Амстердам — Куала-Лумпур» йўналиши бўйича парвоз қилаётган Boeing 777 самолёти Украинанинг Донецк вилоятидан ўтаётганида қулаган эди. Ҳодиса натижасида самолёт бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Ҳодисага айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас, самолёт уриб туширилган деган тахминлар бор. Шу сабаб жаҳоннинг кўплаб авиакомпаниялари Украинанинг шарқидан ва умуман Украина устидан учиб ўтишни вақтинчалик тўхтатиб, бошқа муқобил коридорлардан фойдаланишни бошлаган.
Изоҳ (0)