2014 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказорти ва Марказий Осиё бўйича вакили Корд Майер-Клодтни қабул қилди. Бу ҳақда ТIV матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоя киритиш сингари соҳалар ҳолати ва ривожланишининг асосий йўналишлари, шунингдек, икки давлатнинг турли даражадаги вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган алоқалар кун тартибида қўйиладиган масалалар муҳокама қилинди.
Икки томоннинг алоқаларни ҳам халқаро даражада, ҳам савдо-сотиқ тузилмалари, маданий ташкилотлар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти вакиллари доирасида мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Германиянинг халқаро майдондаги ўзаро конструктив ҳамкорлигига кўплаб масалалар, хусусан, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдо-сотиғи бўйича билдирилаётган фикрларнинг яқин ва ўхшашлиги қулайлик яратаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Корд Майер-Клодтнинг мазкур ташрифи унинг лавозимга тайинлангандан бери амалга оширган биринчи расмий ташрифи ҳисобланади.
Изоҳ (0)