14 июль куни Тошкентга Mitsubishi Corporation’нинг МДҲ давлатлари бўйича президенти ўринбосари Такахиша Мияучи бошчилигидаги Япония делегацияси ташриф буюрган эди. Ташриф давомида корпорация Ўзбекистоннинг Artel компанияси билан ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандум имзолаб, келгусидаги ҳамкорлик шартларини белгилаб олди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Artel компанияси вакилларининг маълум қилишича, ҳамкорликнинг биринчи босқичи Тошкентда Марказий Осиё, МДҲ, Яқин ва Узоқ Шарқ ҳамда Жанубий Америка давлатлари учун мўлжалланган кондиционерлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
Бундан ташқари, Artel япониялик мутахассислар билан ўзининг ишлаб чиқариш базасини замонавий, юқори сифатли, автоматлаштирилган жиҳозлар ҳамда Mitsubishi Corporation’нинг талабларига жавоб бера оладиган тажрибали ишчи ва технологиялар билан таъминлашни режалаштирмоқда.
Лойиҳа 2015 йил сўнгида ишга тушиши кутилмоқда. Маҳсулотлар Mitsubishi савдо белгиси остида ишлаб чиқарилади.
Бундан аввалроқ Artel компанияси жаҳон бозорларига кенг кўламдаги маҳсулотлар билан чиқиши ҳақида хабар берган.
Маълумот учун, Artel ҳозирда маиший техника ва электроника маҳсулотларини ишлаб чиқаришда бир қатор дунё брендлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Изоҳ (0)