Исроил Ғазо секторида «Мудофаа чизиғи» операциясининг қуруқликдаги босқичини бошлади. Ҳужум бошлашдан аввал ҳарбийлар оммавий артиллерия тайёргарлигидан ўтиб, анклавга ҳаво ва денгиздан зарба берди. Operaцияда пиёда қўшин, авиация, муҳандислик қўшинлари ва танк бўлинмалари иштирок этади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Исроил операцияни ҲАМАС ташкилотига тегишли биноларга қарата амалга ошираётганини, жангарилар эса тинч аҳолидан «тирик қалқон» сифатида фойдаланаётганини таъкидламоқда. Сўнгги отишмалар натижасида Исроилда бир киши ҳалок бўлиб, 20 дан кўпроғи жароҳатланган. Фаластинда эса уч нафар бола ҳужум қурбони бўлган.
Сўнгги 10 кун ичида Исроил «Мудофаа чизиғи» ҳаво операцияси доирасида Ғазо секторига қарата 1700 дан зиёд зарба берди. Фаластин эса бу вақт мобайнида Исроил томонга 1500 ракета учирди. Фаластинлик шифокорлар 8 июлдан буён давом этаётган авиаҳужумлар натижасида умумий қурбонлар сони эса 240 дан ортиқ кишини ташкил этганини қайд этди.
17 июль куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида беш соат давом этган «гуманитар» ярашиш тушгача якунланди. Миср кўмаги билан Қоҳирада бўлиб ўтган музокараларда ҲАМАС ва Исроил ярашиш борасида бир тўхтамга кела олмади.
Изоҳ (0)