Япониянинг Осака шаҳридаги Universal Studios Japan мавзули истироҳат боғида ёш сеҳргар Гарри Поттерга бағишланган компьютерлаштирилган аттракционлар мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
Комплекснинг очилиш маросимига ташриф буюрганлар Гарри Поттер ва унинг дўстлари ўқиган машҳур сеҳргарлик мактаби — «Хогвартс»га киришдан аввал сеҳрли дуо ўқиди. Қисқа муддат ичида дам олувчилар ўртасида супургида парвоз қилаётгандай таассурот уйғотадиган визуал тақлидчи аттракцион машҳур бўлиб кетди.
Мазкур лойиҳа учун техниканинг сўнгги ютуқлари асосида аттракцион яратишга Universal Studios Japan компанияси 45 миллиард йен — 445,5 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлади. Комплексни ташкил қилишда Гарри Поттернинг машҳурлигидан фойдаланилгани учун мавзули истироҳат боғи мухлислари сонининг ҳар йили икки миллионга кўтарилиб, жами 12 миллионга етиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар йили 25 миллион дам олувчини ўз бағрига олувчи Осака истироҳат боғига ўрнатилган мазкур аттракционлар туфайли бу ерга хориж, асосан, Осиё — Тинч океани минтақаси давлатларидан келувчи туристлар сони кўпайиши тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун, Universal Studios Japan истироҳат боғининг ҳудуди 53 гектарни ташкил этиб, у ерда ўнлаб дўкон ва ресторанлар, 20 дан зиёд мураккаб аттракционлар жойлашган. Улар Голливуднинг «Келажакка қайтиб» (Back to the Future), «Терминатор — 2», «Юра даври боғи» (Jurassic Park) сингари машҳур фильмлари асосида қурилган. Истироҳат боғига алоҳида меҳмонхона бириктирилган.
Изоҳ (0)