Хабар берганимиздек, бугун ФИФА рефереси Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиси Абдулҳамидулло Расуловлар Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатидан Ўзбекистонга қайтиб келди. Бу ҳақда Sports.uz маълум қилади.
Равшан Эрматов: «Биз ҳеч бўлмаса битта бўлса ҳам учрашув бошқариб, Ватанимиз номини шу жаҳон чемпионатининг тарихига ёздириб қўйишни ният қилган эдик. Худога шукурки, биз тўртта ўйинни бошқариб, барча жаҳон чемпионати тарихидаги ўйинларимизни тўққизтага етказган ҳолда рекорд ўрнатдик. Бу дегани Ўзбекистон ҳакамларига, Ўзбекистон фарзандларига ҳаммадан кўп ишонч билдирилди.»
«Биз ҳар бир ўйинга чиқаётганимизда Ватанимиз ша’ни, обрў-эътиборини ўйлаб, шу йўлда боримизни бериб ҳаракат қилдик. Буни бутун дунё футбол ҳамжамияти кўрди. Жаҳон чемпионати охирида бутун дунё «ўзбекистонлик ҳакамлар финалга муносиб» деган фикрни билдирди. Буни тан олишди. Гарчанд финал бизга насиб қилмаган бўлсада, мана шу эътирофнинг ўзи биз учун катта ютуқ».
Абдулҳамидулло Расулов: «Биз ўз Ватанимиз ша’ни, футболимиз обрўсини сақлаш учун масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилдик. Жаҳон чемпионатида курашлар жуда шиддатли, вақтни чўзиш ёки бошқа ҳолатлар кузатилмайди. Бу жаҳон чемпионатида ўйинчиларнинг тайёргарлиги жуда яхши бўлди. Бирорта учрашувда футболчиларнинг томир тортишиб қолиши кузатилмади. Биз ҳар бир ўйинимизни бехато ўтказишга, олдинги рейтингдаги ўрнимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бизни қўллаб-қувватлаб турган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман».
Сайфиддин Эрматов, Равшан Эрматовнинг отаси, назоратчи ҳакам:
— Равшаннинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини оила аъзоларимиз билан кузатдик. Бутун дунёдан у ҳақида фикрлар беришимни сўраб қўнғироқлар бўлди. Жаҳон футбол жамоатчилиги унинг финалга муносиб ҳакам эканлигини эътироф этди. Бу мен учун фахр, ғурур. У Бразилияда жаҳон рекордини ўрнатди. Бу жуда катта гап. Олдинда янада қаттиқ меҳнат қилиб жаҳон чемпионатининг финалини бошқаришига умид қилиб қоламан.Бобур Ҳайдаров, Ўзбекистон футбол федерацияси «Ҳакамлар ва назоратчилар» департаменти бошлиғи ўринбосари, ФИФА рефериси:
— Бизнинг ҳакамларимиз барчадан яхши ишлади. Бунга шубҳа йўқ. Мен Равшан Эрматовнинг финални бошқаришини кутган эдим. Лекин, у ўз ўйинлари сонини тўққизтага етказиб рекорд ўрнатди. Бу Ўзбекистон, Осиё футболи учун ҳам фахрланса арзийдиган натижа.— Аргентинанинг Равшан Эрматов ҳакамлигига вето қўйди, деган гаплар чиқди, бу қанчалик рост?
— Йўқ, бу бўлмаган нарса. ФИФА регламентида вето деган нарса умуман йўқ. ФИФА катта ёшли италиялик ҳакамни қўйиб уни муносиб кузатди. Ўйлайманки, кейинги жаҳон чемпионатида Равшан бошчилигидаги ҳакамлар финални бошқаради.
Изоҳ (0)