Ҳозирги вақтда Жиззах вилоятида таъмирлаш ва реконструкция ишларидан муваффақиятли ўтган тўққизта маданият ва истироҳат боғи фаолият олиб бормоқда. Шулардан бири — «Наврўзбулоқ» истироҳат боғи бўлиб, яқин орада у кенгайтирилади. Бу ҳақда «Народное слово» газетаси хабар берди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида «Мақсуда — Назокат» хусусий корхонаси эгаси Суннатулло Бойхўрозов Наврўзбулоқ ҳудудида аттракцион, кафе ва савдо нуқталаридан иборат истироҳат боғини фойдаланишга топширган эди. Боғ 1,2 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унда 5000 дан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар, арча, 100 га яқин бута ва бир йиллик гуллар экилган.
Тадбиркорнинг айтишича, у боғ қурилиши учун банкдан олган 450 миллион сўм миқдоридаги кредитга ўз маблағини ҳам қўшган. Яқин орада Наврўзбулоқда сунъий қопламали мини-футбол ва баскетбол майдончалари, теннис майдони, бассейн ва кемпинг қуриш ишлари бошланади. Шунингдек, тўрт гектарли ерда томчилаб суғориладиган мевали боғ яратиш режалаштирилмоқда.
Суннатулло Бойхўрозов айни дамда қариндошлар, касб-ҳунар коллежи битирувчилари билан биргаликда жами 20 киши доимий иш билан таъминланганини қайд этиб, «Бу бизнинг оилавий бизнесимиз», — деб таъкидлади.
Изоҳ (0)