13 июль (Тошкент вақти билан 14 июлга ўтар кечаси) Германиянинг Бремен шаҳридаги кинотеатрлардан бирида ЖЧ — 2014 финал учрашувини томоша қилаётган мухлислар орасида жанжал чиқиб, 19 ёшли йигит ҳалок бўлди. Бу ҳақда Vesti.ru хабар берди.
Мухлислар ўйиннинг қўшимча вақтида жанжаллашиб қолади ва улардан бири қаердандир пичоқ топади. Германиянинг The Local газетаси хабарига кўра, шахси маълум қилинмаётган 19 ёшли йигит пичоқ билан етказилган қаттиқ жароҳат туфайли 14 июль тонгида шифохонада вафот этди.
Бу қотилликда 22 ёшли шахс гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, унга ҳам вафот этган йигитнинг 23 ёшли акаси жароҳат етказган. Полиция гувоҳларни сўроқ қилишда давом этмоқда.
Финал учрашувидан сўнг яна бир қариянинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Мамлакатнинг жануби — Юқори Баварияда тунги соат 3 (Тошкент вақти билан тонгги 6) атрофида бошига бир неча бор зарб берилган қария вафот этди. 15 дақиқа ўтиб, воқеа содир бўлган жой яқинида яна бир аёлга ҳужум уюштирилди. Аёл жароҳат билан шифохонага етказилди.
Учрашувдан сўнг Аргентинада ҳам норози мухлислар Буэнос-Айрес кўчаларига чиқди. Германия элчиси ўйинни томоша қилган барга келган дарғазаб аргентиналиклар немис сайёҳларига ҳужум қилди. Полиция икки кишини қўлга олди.
Аргентина пойтахтида жами 70 киши жароҳатланди, 50 киши ҳибсга олинди. Қизишиб кетган мухлисларни тинчлантириш учун полиция кўзни ёшлантирадиган газ ва резина ўқлардан фойдаланишга мажбур бўлди.
Изоҳ (0)