АҚШнинг савдо-сотиқ бўйича федерал комиссияси (FTC) Amazon онлайн-дўконидан фойдаланувчиларнинг фарзандлари дўконда сотилаётган дастурлар учун сўрамай ишлатган миллионлаб долларни қайтаришини талаб қилди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
FTC раҳбари Эдит Рамиреснинг айтишича, Amazon дастурларидаги савдо тизими болаларга ота-онасининг рухсатисиз уларнинг аккаунтларидан чекланмаган миқдорда пул сарфлашга имкон берган. Минглаб фойдаланувчиларнинг шикоятидан сўнг комиссия даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Сотиб олинган кўплаб дастурлар болалар учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг харажати виртуал маҳсулотлар билан боғлиқ. Amazon ўзининг онлайн-дўконидаги савдо-сотиқнинг 30 фоизини олиб қолади.
Amazon даъвога қарши чиқиб, улар ҳам Apple компанияси тушган ҳолатда эканлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Apple’га ҳам худди шундай даъво билан мурожаат қилинган. Компания жорий йилнинг январь ойида савдо-сотиқнинг ота-оналар рухсати билан амалга оширилиш тизимини ўрнатиб, истеъмолчиларга 32,5 миллион доллар тўлашга мажбур бўлган.
Изоҳ (0)