Россия президенти Владимир Путин Лотин Америкасидаги расмий ташрифини Кубадан бошлаб, у билан бир қатор шартнома имзолади. Бу ҳақда Interfax.ru хабар берди.
Хусусан, Владимир Путин «Россия Федерацияси ҳукумати билан Куба Республикаси ҳукумати ўртасида Куба Республикасининг СССР вақтида олган кредитлари туфайли Россия Федерациясидан қарздорлигини тартибга солиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш» федерал қонунини имзолади.
Мазкур қонун Дума томонидан 2014 йил 4 июль куни қабул қилиниб, 9 июлда Федерация кенгаши томонидан маъқулланган эди.
Кубанинг қарздорлиги борасидаги музокаралар 20 йил давом этиб, 2013 йил 25 августда битимга имзо чекилган. Бу вақтда қарздорлик 35,2 миллиард долларга тенг эди.
Имзоланган қонунга кўра, Россия Кубанинг 90 фоиз (31,7 миллиард доллар) қарзидан воз кечди, қолган 10 фоиз (3,5 миллиард доллар) Куба томонидан 10 йил ичида ҳар ярим йилда тўланиши белгилаб берилди.
Изоҳ (0)