Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган хўжалик бошқаруви органининг корпоратив веб-сайтига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Низом ҳукуматнинг 2 июль куни қабул қилган «Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган, дея хабар беради «Кун».
Низомда қайд этилишича, акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган хўжалик бошқаруви органининг корпоратив веб-сайти Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга ҳам мувофиқ бўлиши керак.
Корпоратив веб-сайтда жамият фаолиятининг предмети ва мақсадлари; жамиятнинг ташкилий тузилмаси, унинг таркибий бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари, шў’ба ва тобе хўжалик жамиятларининг номи, уларнинг телефонлари рақамлари, манзили (почта ва электрон манзиллари), уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар; жамиятнинг раҳбарлари (директор ва бошқарув раиси) тўғрисидаги маълумотнома ахборот; бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, жамият томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, семинарлар ва брифинглар, давра суҳбатлари, расмий ташрифлар) тўғрисидаги маълумотлар, матбуот-релизлар ва кундалик фаолият тўғрисидаги бошқа ахборот, йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси ва бошқалар мажбурий жойлаштирилиши керак.
Корпоратив веб-сайт қулай ва оддий интерфейсли бўлиши, қайта алоқа боғлаш, юридик ва жисмоний шахслардан мурожаатларни қабул қилиш, сайтдаги ахборотни архивлаштириш, янгиликларга обуна бўлиш имконияти бўлиши керак, шунингдек, веб-сайтнинг мобил версияси керак ва биринчи галда давлат тили – ўзбек тилидаги версияси бўлиши шарт.
Жамият ўз сайтига жойлаштириладиган ахборотнинг ишончли ва ҳолисона бўлиши учун масъул бўлиб, унга жойлаштирилган ахборот йўқ қилиниши, блокировка қилиниши, бузилиши ва қалбакилаштирилишининг, шунингдек рухсат берилмаган аралашувлар бошқа шаклларининг олдини олиш бўйича жамият томонидан ҳимоя қилишнинг тегишли чора-тадбирлари кўриши керак. Корпоратив веб-сайтдаги ахборотнинг тўлиқ ва тўғрилиги учун жамият ижроия органи раҳбари жавобгар ҳисобланади.
Қарорда қайд этилишича, корпоратив веб-сайтда ундаги ахборот материалларидан бошқа шахслар фойдаланганда жамиятнинг корпоратив веб-сайтига мажбурий ҳаволалар кўрсатилиши тўғрисидаги талаб кўрсатилиши керак, айни вақтда, корпоратив веб-сайтда бошқа манбалардан маълумотларни жойлаштиришга фақат ахборот манбаи кўрсатилган тақдирда йўл қўйилади.
Изоҳ (0)