Японияда «Ногури» тўфони яқинлашиб келаётгани сабабли жанубий Окинава префектурасидаги 590 минг кишини эвакуация қилиш ҳақида эълон қилинди, деб хабар берди Киодо агентлигига таяниб «РИА Новости».
Префектуранинг марказий шаҳри — Нахада шамолнинг секундига 50,2 метргача кучайгани қайд этилди. Метеорологлар тахминига кўра, чоршанба куни Окинавада шамол тезлиги секундига 45 метрга, кучайганида эса 65 метрга етиши мумкин (25—30 метр/секунд шамол одамни йиқитиш учун етарли).
Тўфон натижасида чоршанба куни эрталаб Окинава префектураси ва Кюсю оролида суткасига 200 миллиметр ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Айни дамда «Ногури» тўфони Тинч океани устида бўлиб, унинг тезлиги соатига 30 километрни ташкил этади. Япониянинг Бош метеорология бошқармаси маълум қилишича, тўфон чоршанба куни мамлакатнинг жанубий, жума куни эса марказий ҳудудлари, хусусан, Токиогача келиши мумкин.
Душанба куни Япониянинг Бош метеорология бошқармаси мамлакат ҳудудида бир неча ўн йилликда бир марта содир бўладиган табиий офат яқинлашаётгани учун фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Изоҳ (0)