Колумбиялик хонанда Шакира Бразилияда давом этаётган футбол бўйича ЖЧ — 2014 ёпилиш маросимида иштирок этади. Маълум бўлишича, хонанда ўзининг «Ла-Ла-Ла» номли хит қўшиғини Карлос Браун билан бирга ижро этади, деб ёзади «Кун».
«Мен ҳаяжондаман, чунки олдимда ёпилиш маросимида иштирок этиш вазифаси турибди», — деди Шакира.
«Табиий сабабларга кўра мен билан футбол ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган (Испания терма жамоаси ҳимоячиси Херард Пике Шакиранинг турмуш ўртоғи ҳисобланади), шу сабабли ҳам ушбу мусобақа кўплаб одамлар учун қанчалик муҳим аҳамият касб этишини яхши ҳис қиламан», — деди хонанда.
«Мен бу ерга қайтиш ва ёпилиш маросимида куйлаш имконияти тақдим этилгани учун миннатдорлик билдираман. Ишқибозлар менинг қўшиғимни қўллаб-қувватлашди ва улар учун буни яна бир бор ижро этиб беришни хоҳлайман», — дея Шакиранинг сўзларидан иқтибос келтиради ФИФА расмий сайти.
Маълумот учун, футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати баҳсларининг ёпилиш маросими 13 июль, якшанба куни Рио-де-Жанейродаги «Маракана» стадионида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)