Пойтахтда самбо бўйича катталар, ёшлар, ўсмирлар ва хотин-қизлар ўртасида Осиё чемпионати якунланди, деб хабар берди ЎзА.
Осиё самбо иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакат самбо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада йигирмага яқин давлатдан 350 нафардан зиёд спортчи катталар, ўсмирлар, ёшлар, хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда ва жанговар самбо беллашувларида куч синашди.
Осиё чемпионатининг сўнгги кунида ёшлар ва жанговар самбо усталари гиламга чиқди.
Ёшлар ўртасидаги беллашувларда Шерзод Тожиев, Жавлон Ҳамидов, Фазлиддин Холмаматов ва Элёр Ҳожиматов ўз вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Тоҳир Асроров, Абдуҳамид Қўчқоров ва Муҳаммадшоҳ Иброҳимов кумуш, Шаҳзод Нурматов ва Парвиз Ҳалимов бронза медални қўлга киритди.
Қизлар ўртасида Жаҳоной Туркманова, Нилуфар Раҳмонова, Валерия Суйкова ва Ирина Кулакова олтин медалга муносиб топилди. Яна тўрт нафар спортчи кумуш, икки нафари эса бронза медаль билан тақдирланди.
Жанговар самбо беллашувларида Толмаз Тўқлиев, Аюбхон Камолов ва Санжар Неъматов Осиё чемпиони бўлди. Раҳматжон Аҳмедов ва Илҳом Йўлдошев иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Фурқат Рўзиев, Аброр Яҳёев ва Олим Худойқулов кучли учликдан жой олди.
Изоҳ (0)