Гулистон шаҳрида «Ҳамшира – 2014» республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар, ҳамширалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибаларини бойитиш, ҳамширалик ишида эришилаётган тажрибаларни оммалаштириш, изланувчан, ижодкор, ташаббускор ҳамшираларнинг истеъдодини намоён этишига кўмаклашишдан иборат.
Танловнинг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 нафар ҳамшира иштирок этди.
Сирдарё вилояти тери-таносил касалликлари шифохонаси ҳамшираси Соҳиба Раимжонова танлов ғолиби бўлди ва Nexia автомашинаси билан тақдирланди.
Наманган вилояти Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Умида Обидова иккинчи, Тошкент шаҳар Ҳамза туманидаги 27-оилавий поликлиника ҳамшираси Нилуфар Нуриддинова учинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)