Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саховат, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:- 2014 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 28 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.Мазкур тадбирларни ўтказишда муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз ақидаларини эъзозлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли савоб ва тарғибот ишлари ташкил қилинсин. Ушбу қутлуғ ойда амалга ошириладиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
- Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Тошкент шаҳри,2014 йил 24 июнь
Манба: ЎзА
Изоҳ (0)