Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби ҳужумчиси Александр Шадрин 26 ёшида вафот этди, деб ёзади «Кун» Uff.uz маълумотига асосланиб.
Хабар беришларича, футболчи ошқозони билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этган. Футболчи айнан қандай касалликдан азият чекканига аниқлик киритилмаган.
Александр Шадрин 1988 йили Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган. Футбол билан етти ёшидан шуғулланишни бошлаган. Бўкадаги БЎСМ ва «Чиғатой» футбол мактабини тамомлаган.
2004—2005 йилларда «Пахтакор—2» (Тошкент), 2006—2010 йилларда «Машъал» (Муборак), 2011 йилда «Навбаҳор» (Наманган) жамоаларида тўп сурган. 2012 йилдан фаолиятини «Локомотив» (Тошкент)да давом эттираётган эди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига Вадим Абрамов мураббийлик қилган вақтда Шадрин тўрт бор терма жамоага жалб этилган. Хусусан, ЖЧ—2014 саралаши доирасида Нагояда бўлиб ўтган Япония терма жамоасига қарши ўйинда ягона голга муаллифлик қилган эди.
Эътиборли томони, бунгача Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳеч қачон Японияни нафақат меҳмонда, Тошкентда ва бетараф майдонларда ҳам мағлуб эта олмаган эди.
Александр Шадрин ортидан турмуш ўртоғи ва ўғил фарзанди қолди.
Изоҳ (0)