Тунис давлатида енгил атлетика бўйича ўтказилган Гран-При турнирининг охирги куни ўзбекистонлик Маъруф Муродуллаев 800 метр масофага югуриш мусобақасида марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келиб, Гран-При турнирининг олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
Мазкур Гран-При турнирида жорий йилнинг 18—24 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтадиган ПараОсиё ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналди ва эътиборлиси унда иштирок этган уч нафар ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси ПараОсиё ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
800 метр масофага югуриш мусобақасида олтин медални қўлга киритган Маъруфжон Муродуллаев дастлабки кун 400 метр масофага югуриш бўйича ўтказилган мусобақада кумуш медалга сазовор бўлиб, ПараОсиё ўйинлари йўлланмасини нақд қилиб қўйган эди. Бундан ташқари ядро улоқтириш бўйича ўтказилган мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мавлонбек Хайдаров ва найза улоқтириш бўйича бўлиб ўтган баҳсларда Абдуғаффор Абдуллаев совринли ўринларни эгаллаш билан бирга Инчеон ўйинлари йўлланмасига эга бўлишган эди.
Тунис давлатида ўтказилган Гран-При турнирида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлган енгил атлетикачиларимиз 20 июнь куни соат 06:30 да Ўзбекистонга қайтиб келадилар.
Изоҳ (0)