17 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Корея Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ислом Каримов билан Пак Кин Хенинг тор доирадаги учрашувида икки томонлама муносабатларга доир масалалар, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Музокарада таъкидланганидек, бу учрашув кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш жараёнидаги муҳим босқич, ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, истиқболдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш ҳамда фаол ривожланиб бораётган стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан бойитиш учун яхши имкониятдир.
Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилди.
2013 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошди. 2014 йилнинг январь–апрель ойларида бу борадаги кўрсаткич 669,3 миллион долларга етди.
«Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 5 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистонда жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона, ушбу мамлакатдаги 81 компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Музокарада товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида мунтазам равишда бизнес-форумлар ўтказиш, шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш борасида янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.
Томонлар маданият, мусиқа, санъат ва спорт соҳаларида алоқаларни янада фаоллаштириш, қўшма маданий фестиваллар, кўргазмалар ташкил этиш, ўқув юртлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди. Ўзбекистонда Корейс маданияти ва санъати марказини очиш масаласи кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Президент Пак Кин Хе Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Шунингдек, 2014—2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳадли келишув, Икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида молиявий битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)